Шу муносабат билан ўтказилган маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тадбиркорлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. 

– Президентимиз жорий йил 7-8 июль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Наманган шаҳрининг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида муҳим вазифаларни белгилаб берди, – дейди Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдураззоқов. – Мазкур кичик саноат зонаси истиқболли лойиҳалардан бири бўлиб, ҳудуд иқтисодиётининг янада юксалишига, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Кичик саноат зонасида дастлаб тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишларда 9 лойиҳа амалга оширилади. 450 янги иш ўрни яратилади. 10 гектар майдонда барпо этиладиган кичик саноат зонасида йил охирига қадар жами 44 истиқболли лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг ҳар бирида 50 тадан янги иш ўрни яратиш мўлжалланган. Эътиборлиси, саноат мажмуасини ишга тушириш орқали аниқ машғулот турига эга бўлмаган, ишсиз юрган ёшлар бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.