Аввал хабар қилганимиздек, “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг топшириғига асосан Республикамизнинг барча вилоятларида, туманларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Навбатдаги тарғибот учрашувлари Навоий, Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида бўлиб ўтди. Тарғибот тадбирларида жисмоний ва юридик шахслар, ишлаб чиқариш корхоналарининг вакиллари, тадбиркорлар, экспортга кўмаклашиш жамғармаси, Божхона ва солиқ идораларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Очиқ ва савол жавоб шаклида ташкил этилган учрашувларда муҳтарам Президентимизнинг “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида тўлиқ кўргазмали маълумотлар ёрдамида ахборотлар берилди.
Булардан ташқари, Сертификатлаштиришнинг тартиб қоидалари ва мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар хусусида маълумотлар ва тарқатма материаллари берилди.
Тарғибот тадбирларида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг матбуот котиби А.Расулов, Экспортга кўмаклашиши бюроси директори Н. Ўрозқулов ва ҳудудий бошқарма ва марказларнинг раҳбарлари иштирок этиб, тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлаш режаларини келишиб олдилар.
“Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг топшириғи асосида бундай учрашувлар, тарғибот тадбирлари Республикамизнинг барча ҳудудларида тизимли ўтказилишига келишиб олинди.
Эътиборли томони шундаки, тарғибот учрашувларида тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар томонидан Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва маҳсулотларни экспорт қилишга оид кўплаб мурожаатлар билдирилиб шу ернинг ўзида мутасадди ташкилотлардан келган вакиллар кўмагида уларга амалий ёрдам берилди.
Мазкур тарғибот тадбирлари маҳаллий телеканалларнинг ахборот дастурлари ва газеталарининг саҳифаларида кенг ёритилди.