Урганчда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. 

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Республика Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда оммавий ахборот воситалари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. 

– Коррупция чегара билмайди, – дейди Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди гуруҳ раҳбари Л.Сувонов. – У жамиятнинг барча жабҳаларига кириб бориб, қадриятлар тизими, одоб-ахлоқ меъёрларини бузади. Фуқароларнинг эркинлик ва демократия тамойилларига, адолатга, давлатга бўлган ишончига путур етказади. Бир сўз билан айтганда, ушбу иллатни бартараф этмасдан туриб, ҳеч қандай жамият барқарор ривожланиши мумкин эмас. 

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни ва ушбу қонунни амалга ошириш юзасидан жорий йил 2 февралда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг коррупциявий ҳолатларга қарши курашиш масалалари бўйича хабардорлигини ошириш, мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш масалаларини ёритиш бўйича билим ва кўникмаларни юксалтиришга оид маърузалар тингланди. 

 

 

ЎзА