Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги қароридан келиб чиқадиган партия фаоллари ва унинг фракцияси аъзолари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси С.Отамуродов давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида оила, маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар тарбияси, чекка ҳудудлар ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан мақсадли, ғоявий-тарбиявий ишларни кучайтириш, жиноятчилик, диний экстремизм ва террористик ҳаракатларга адашиб қўшилиб қолиш, эрта турмуш қуриш, оилавий ажралишлар каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини янги босқичга кўтариш лозимлиги қайд этилганини таъкидлади.
Йиғилишда партия фракцияси, барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди.
Фракция йиғилишида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ҳозирги кунда юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат органларига мурожаатлари 2014 йилда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Бироқ ушбу қонун соҳадаги умумий масалаларни тартибга солса-да, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги ҳуқуқий механизмларни тўлиқ очиб бермаган. Янги таҳрирдаги қонун амалиётдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасидаги муносабатларнинг тўлиқ тартибга солинишини назарда тутади.
Фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Фракция йиғилишида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар асоссиз аралашувининг олдини олиш, вакил фаолиятининг ҳуқуқий механизмларини белгилашдан иборатдир. Ушбу ҳужжат билан вакилнинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Австралия, Канада, Жанубий Корея сингари ўттиздан ортиқ давлатнинг тажрибаси ўрганилди.
– Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини янада яхшилаш орқали тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, янги иш ўринлари яратиш ва хусусий секторда аҳоли бандлигини кўпайтириш имконини беради, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ш.Бафоев. – Бозор инструментлари ва механизмларини жорий этиш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, кичик бизнес субъектларининг кредит-молия ва хомашё ресурсларидан, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга давлат буюртмаларидан кенг фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни давом эттириш давр талабидир.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳасида болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган. Бу ҳужжат болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва тақиқлаш, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жисмоний ва юридик шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Йиғилишда “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.