Дилбар Мамажонова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши раиси:
– Партия ташкилотимиз фаолиятидаги камчиликлар ушбу видеомулоқотда яққол кўриниб қолди. Гарчи шу пайтгача ҳам фаолият кўрсатган бўлсак-да, мулоқотдан кейин англаб етдикки, самарасиз йиғилиш учрашувлар, режага киритилгани учунгина ўтказилган тадбирлар билан овуниб юрган эканмиз. Аслида, партия ғояларини амалга ошириш учун электоратнинг ҳаётий муаммолари моҳиятига чуқурроқ кириб бориш зарур эди. Биз, энг кўп сонли сиёсий партия вакилларимиз, деб мақтансак-да, мамлакат ижтимоий-сиёсий хаётида, фуқаролар онгида мустаҳкам ўрин эгаллай олмабмиз.
ЎзХДП Фарғона вилояти партия ташкилоти депутатлик гуруҳлари 2017 йилда 48 масалани депутатлик гуруҳида, 5 масалани доимий комиссияларда муҳокама этди. 6 масала ўрганилиб халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилди. Жойларга 447 депутатлик сўрови юборилди. Биз шу каби қуруқ рақамлардангина таскин топиб юраверибмиз. Хўш, партия фаоллари, депутатлик гуруҳи аъзолари ўрганган масала юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросига яна бир бор қайтдикми? Умуман, қарор ижро этилдими? Жамоатчилик назорати ўтказдикми? Мана, қаерда бизнинг “нозик” жойимиз. Қанча аччиқ бўлмасин, тан олиш лозим, биз, аксарият ҳолларда турли баландпарвоз қарорлар қабул қилиш билан чекланиб қолдик. Натижада аҳвол ўзгармади, партия ташкилоти, унинг депутатлик гуруҳи аҳоли, авваламбор электоратнинг эътибори, ишончига тўлиқ муяссар бўла олмади.
Президентимиз депутатлар, партия фаоллари олдида турган кўплаб бирламчи вазифаларни аниқ-равшан белгилаб берди. Энди замон билан ҳамнафас бўлиб ишлаш ёки ўрнимизни ишлайдиган ёшларга бўшатиб бериш талаб этилади. Ваҳоланки, бизда партия фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва чин маънода халқ қўллаб-қувватлайдиган сиёсий кучга айланиш учун имконият ҳам, тажриба ҳам бор.
Манба: uza.uz