Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан уюшмаган ёшларни тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда мутасадди ташкилотлар вакиллари, ёш тадбиркорлар, уюшмаган ёшлар, касб-ҳунар коллежи ва академик лицей битирувчилари, уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорликка қизиқиш уйғотиш, уюшмаган ёшлар ҳамда касб-ҳунар коллежи ва академик лицей битирувчиларининг ўзлари танлаган соҳада фаолият бошлашига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Пойтахтимиздаги Imzo-Akfa фабрикасида меҳнат қилаётган мингдан зиёд ишчининг йигирма беш фоизи касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир. Корхона ЎзЛиДеПнинг Тошкент шаҳар кенгаши билан уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий йилнинг сўнгги икки ойи мобайнида йигирмага яқин уюшмаган ёш ушбу корхонага ишга жойлаштирилди.
Манба: uza.uz