Жорий йилнинг 14 июль куни Сирдарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда “Сирдарё синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси томонидан, Сирдарё вилоят халқ қабулхонаси биносида - “Сирдарё вилоятининг экспортёр ва ишлаб чиқариш корхоналари учун соҳа йўналишлари ва экспортга кўмаклашиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Семинарда “Ўзстандарт” агентлиги матбуот котиби А.Расулов, “Республика ССМ” ДК “Экспортга кўмаклашиш бюроси” бошлиғи Н.Ўрозқулов, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Сирдарё вилоят худудий бўлинмаси, Сирдарё вилоят давлат божхона бошқармаси, “Ўзагроэкспорт” Сирдарё вилоят вакили, Сирдарё вилоят савдо-саноат палатаси, Гулистон шахар солиқ инспекцияси, Сирдарё вилоят ДСЭНМ вакиллари ҳамда вилоят экспортёр корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги ПҚ-2935-сонли “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 21 июндаги ПҚ-3077-сонли “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июльдаги 475-сонли “Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси худудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қарорларининг мақсади ва мазмун моҳияти юзасидан кенг тушунчалар берилди.
Эътиборлиси шундаки, ушбу семинарнинг барча иштирокчилари ўзлари учун муҳим ва керакли бўлган маълумот ва янгиликларга эга бўлишди. Бу каби янги ўзгаришлар натижасида маҳаллий ва кириб келаётган маҳсулотларнинг сифатини ошириш, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг хорижий бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлаш, сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқарилаётган махсулотларни экспорт қилишда қулайликларга эришиш каби ютуқларга эришилиши бегумон.