Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги, хусусан, боғдорчилик ва узумчиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боғ ва токзорларни суғоришда янги технологиялар кенг жорий этилаётгани самарадорликка эришишда муҳим омил бўлмоқда. 

Фарғона вилоятида токзорларни кенгайтириш, тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, узумчиликни ривожлантириш, янги, истиқболли навларни яратиш ва экспорт қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Олимларнинг таъкидлашича, узумни мунтазам истеъмол қилиш артериал қон босими меъёрида бўлиши ва юрак фаолиятининг яхшиланишига ёрдам беради. Узум таркибида флавоноид моддаси мавжуд бўлиб, у инсон организмидаги туз миқдорини камайтиради. 

Фарғона туманидаги “Миндонобод агросаноат” агрофирмасида замонавий илм-фан ютуқлари асосида 720 гектар ерда интенсив боғ барпо этилиб, Франция, Италия ва Грузиядан келтирилган машҳур узум навлари парвариши йўлга қўйилган. Бугунги кунда 10 га яқин ноёб узум навлари маҳаллий иқлим шароитига мослашиб, ҳосилга кирди. Ўтган йили агрофирма токзоридан 2 минг 750 тонна узум олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3 минг 500 тоннага етказиш режалаштирилган. 

Президентимиз жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида “Миндонобод агросаноат” агрофирмасида ҳам бўлиб, вилоят қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. 

Агрофирма томонидан мавжуд токзорларни минг гектарга етказиш орқали йилига 15 минг тонна узум етиштириш, 1 миллион долларлик маҳсулотни экспортга йўналтириш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун 450 минг туп ток қаламчаси ўтқазилиб, қуёш энергиясида ишлайдиган замонавий суғориш тизимлари ўрнатилади. Лойиҳа тўла ишга тушгач, 250 киши иш билан таъминланади. 

– Президентимизнинг вилоятга ташрифи давомида агрофирмамиз фаолияти билан яқиндан танишиши бизга катта масъулият юклади, – дейди лойиҳа раҳбари Улуғбек Пайғомов. – Давлатимиз раҳбари сифатли мева-сабзавот етиштириш ва аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, жумладан, узум етиштиришни кўпайтириш, уни экспорт қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қимматли фикрларини билдириб, зарур кўрсатмалар берди. Биз тошлоқ ҳудудда катта токзор ташкил этганмиз. Белгиланган режага кўра, яқин келажакда интенсив боғ ҳудуди 1000 гектарга етказилади. Бу саъй-ҳаракатлар учун 8 миллиард сўмга яқин маблағ сарфлаш кўзда тутилган. Ҳозир маҳсулотларимизни Россия ва Қозоғистонга экспорт қилиш бўйича шартномамиз бор. Мутахассисларимиз Германия ва Хитой бозорини ўрганиб, ўша юртларга ҳам маҳсулот экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. 

Айни пайтда узумни қайта ишлаш учун Европадан сўнгги русумдаги замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Маҳсулотларга лицензия олиш жараёни ниҳоясига етказилгач, ўнлаб турдаги табиий шарбатлар, спирт ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва у дунёнинг турли қитъаларига экспорт қилинади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 июндаги "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Агрофирмада жаҳон тажрибасида энг тежамкор ва самарали усул ҳисобланувчи қуёш энергияси, томчилатиб суғориш усулларидан унумли фойдаланилмоқда. Деҳқончилик қилиш бирмунча ноқулай ва сув муаммоси бўлган ҳудудни ҳосилдор майдонга айлантириш учун қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган институтлар, илмий марказлар мутахассислари, олимлар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Экотуризмни ривожлантириш орқали маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни кенг жалб этиш мақсадида агрофирма қошида муҳташам мажмуа барпо этилиб, мижознинг кўз ўнгида маҳсулот тайёрловчи кичик цех, шинам хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари ташкил этилди. Ҳозирги кунда маҳсулотларни қадоқлаш, ёрлиқ тайёрлаш каби жараёнлар бўйича ишлар ниҳоясига етказилмоқда. 
Манба: ЎзА