Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва техник регламентларни тизимли жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий эталонлар базасини ривожлантириш асосида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, “Ўзстандарт” агентлиги тузилмасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш мақсадида 2017 йил 28 апрелда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур қарор ижроси, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан жорий йилнинг олти ойи мобайнида 264 халқаро стандарт қабул қилинган. Улар машинасозлик, ёқилғи-энергетика, қурилиш, коммунал ва транспорт, агросаноат, ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш ва экология соҳаларига жорий этилган.
Ҳозир 27 техник регламент амалда бўлиб, бу мувофиқликни баҳолашга замонавий ёндашувни таъминламоқда. Тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхати сезиларли қисқартирилди. Экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш ихтиёрий равишда амалга оширилиши белгиланди, ўлчаш воситаларини тайёрлаш, сотиш ва ижарага бериш фаолиятини лицензиялаш бекор қилинди. Бу тадбиркорларга қўшимча имтиёз бўлибгина қолмай, миллий маҳсулотларимиз экспорт ҳажми ошишига хизмат қилмоқда.
“Ўзстандарт” агентлиги қошидаги 4 лаборатория халқаро аккредитациядан ўтказилиб, 15 халқаро стандарт бўйича синов усуллари ўзлаштирилди. “Кимё-биология” синов лабораторияси “SGS Tashkent” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда қўшма баённомаларни расмийлаштиришни йўлга қўйди. Пировардида расмийлаштирилаётган синов баённомаларининг хориж давлатлари томонидан тан олинишига эришилди.
Бугунги кунда корхоналарда халқаро менежмент тизимини жорий этиш ва сертификатлаштириш мақсадида агентликнинг ҳудудий марказлари қошида сертификатлаштириш идоралари фаолияти йўлга қўйилган. Уларнинг сони 28 тага етди. Амалга оширилган бу каби чора-тадбирлар натижасида 5 мингдан зиёд корхонага тегишли мувофиқлик сертификатлари топширилди.
“Ўзстандарт” агентлиги тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини таъминлаш мақсадида ходимлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда жорий йил давомида тизимда меҳнат қилаётган 100 нафарга яқин мутахассиснинг халқаро талаблар даражасида малакасини ошириш режалаштирилган.
Тадбирда журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Манба:ЎзА