Республикамизда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Ҳаитовнинг навбатдаги Сайёр қабули жорий йилнинг 24 ноябр куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида бўлиб ўтди.
Сайёр қабул жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва корхоналарда халқаро сифат тизимларини жорий этишнинг афзалликлари, ҳамда амалдаги Қонунчилик ва меъёрлар талабининг мазмун моҳияти, уларнинг бугунги кундаги ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, Агентлик Бош директорининг Виртуал қабулхонаси очилгани ва унга тўғридан тўғри мурожаат қилиш мумкинлиги, бевосита мулоқот учун раҳбарнинг телефон рақамлари қўйилганлиги эълон қилинди, ишонч телефони орқали боғланиш имкониятлари яратилганлиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармонига мувофиқ Агентлик томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам қабулга келганларга кенг тушунтиришлар берилди.
“Сайёр қабул”да тадбиркорларга ва фуқароларга яратилаётган қулайликлар, жумладан давлат стандартларининг агентлик веб-сайти орқали бепул олиш имконияти яратилганлиги, ўндан ортиқ интерактив хизмат турлари ҳақида ахборот берилди. Қабулга келганлар томонидан билдирилган таклифлар мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилиши таъкидланди.
Савол ва жавоблардан сўнг А.Ҳаитов “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва халқаро стандартларга мос сифат тизимларини жорий этиш масалаларидаги келгуси режалар, вилоят марказларидан чекка ҳудудларда, хусусан вилоятнинг Денов ва Шеробод туманларида аҳоли ва тадбиркорлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида метрологик хизмат кўрсатиш шахобчаларининг ташкил этилаётгани тўғрисида ҳам сайёр қабул иштирокчиларига батавфсил маълумотларни бериб ўтди.
Учрашув якунида, жисмоний ва юридик шахслар ҳоҳлаган вақтда ҳеч бир иккиланмасдан “Ўзстандарт” агентлиги ва ҳар бир вилоятда фаолият кўрсатаётган ҳудудий бошқарма ва Синов ва сертификатлаштириш марказлари қошида ташкил этилган ишонч телефонларига, Бош директорнинг вертуал қабулхонасига ёки агентликнинг расмий веб- сайтига ўзларини қизиқтирган масалалари юзасидан мурожаат этишлари мумкинлиги, ва албатта ушбу мурожаатлар эътибордан четда қолмаслиги, ҳамда ўрнатилган тартибда қисқа вақтда кўриб чиқилиб ижобий ҳал этилиши алоҳида таъкидлади.
Иштирокчиларнинг сайёр қабулни ташкил этилиши ва кўрилган масалалар бўйича фикр мулоҳазалари эшитилиб, келгусида мазкур учрашувларни тизимли ташкил этилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.