Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 30 сентябрдаги “ I - Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-4720-сонли фармойишига асосан, жорий йилнинг 8-10 ноябр кунлари “Ўзекспомарказ”да ўттиздан зийод мамлакат вакили ташриф буюрган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур халқаро ярмарка ишида “Ўзстандарт” агентлиги ҳам фаол қатнашиб, жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнларида стандартлаштириш, маҳсулотларни сертификатлаштириш ва метрология йўналишлари бўйича зарур маълумотларни бермоқдалар. Шу билан бирга, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари томонидан ярмарка иштирокчилари ва қатнашувчилари учун янги маҳсулот турларига меъёрий – техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш, маҳсулотни экспорт қилишда тегишли ҳужжатларни тайёрлаш, халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва сертификатлаштириш бўйича консултатив хизматлар кўрсатилмоқда. 
Ушбу Халқаро саноат ярмаркаси учун “Ўзстандарт” агентлигининг стенди тайёрланган бўлиб, унда сифатни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, Маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш Бюроси фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек метрология, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида кўрсатилаётган хизматларга оид маълумотлар акс эттирилган. Шу билан бир қаторда ярмарка иштирокчилари ва қатнашувчилари учун “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг корхоналари фаолияти тўғрисида мингдан ортиқ буклетлар тайёрланган.
Ярмарка доирасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва уларнинг ҳамкорлари иштирокида давра суҳбатлари, музокаралар ташкил этилиши, ярмарка қатнашчиларининг интенсив боғларга, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга, совутиш комплексларига ташриф буюришлари ҳам режалаштирилган.