“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори томонидан тасдиқланган режага асосан навбатдаги сайёр учрашуви жорий йилнинг 4 ноябр куни Амударё туманида бўлиб ўтди.
Маълумки сўнгги йилларда Ҳукуматимизнинг эътибори туфайли юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз учун кўпгина имкониятлар яратилди.
Бунинг натижасида кичик бизнес вакиллари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички бозорларимизда, балки дунёнинг ривожланган давлатлари бозорларида муносиб ўринга эга бўлмоқда.
Қорақолпоғистон Республикасининг Амударё тумани ҳокимлигида ташкил этилган учрашувда тадбиркорларга Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун моҳияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Сайёр қабулда “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг Матбуот хизмати раҳбари А. Расулов ва “Метрология хизматлари кўрсатиш маркази” ДК директори Ф. Саматовлар иштирок этиб, йиғилганлар томонидан берилган саволларга жавоб бердилар.
Эътиборли томони шундаки, сайёр қабул баҳона Амударё тумани ҳокимининг таклифига кўра агентлик билан ҳамкорликда аҳоли ва тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида туман марказида газ, сув ва электр энергияси ўлчов воситаларини давлат қиёсловидан ўтказадиган шахобчани ташкил этишга келишиб олинди.
Бунинг учун “Метрология хизматлари кўрсатиш маркази” ДК директори Ф. Саматов амалий ёрдам беришга тайёр эканлигин билдирди.