20 май куни Миллий матбуот марказида “Ўзстандарт”  агентлиги томонидан “Республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг фаолиятларига ноқонуний аралашувларни олдини олиш ҳамда уларнинг фаолиятларини қўллаб-қувватлаш ва корхоналарда сифатни бошқариш тизимларини жорий этишда “Ўзстандарт” агентлигининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори ўринбосари Ж.Мирсаидов, Матбуот хизмати раҳбари А.Расулов ва  соҳанинг масъул ходимлари қатнашдилар.

Маълумки, Республикамизда истиқлол йилларида бошқа соҳалар қатори иқтисодиётимизнинг таянчи ва суянчига айланиб улгурган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш,уларнинг фаолиятларига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада Республикамиз Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725 сонли фармонининг қабул қилиниши юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан Республикамиз Президентининг мазкур фармони ижросини таъминлаш, ҳамда тадбиркорларга Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш йўналишларида зарур ёрдам бериш мақсадида бир қатор тизимли ишлар амалга ошириб келмоқда. Жумладан: корхоналарда халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат тизимларининг жорий этилиши, рақобат муҳитида корхоналар ютуғининг кафолати ҳисобланади. Энг муҳими корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ва истеъмолчиларни сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш имкониятини беради.

Эътиборли томони шундаки, сўнгги йилларда мазкур қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралар сони 27 тага етказилиб, шундан 8 та сертификатлаштириш идоралари халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди ва Республикамиз бўйича жами 2429 та корхоналар халқаро стандартлар талаблари асосида сертификатлаштирилди. Бундан ташқари соҳа юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижасида 2020 йилга қадар (2016 йилда 649 та, 2017 йилда 639та,2018 йилда 646 та, 2019 йилда 684 та) маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлган 2618 та корхоналарда қўшимча равишда халқаро стандартларни жорий этиш белгиланди.

“Ўзстандарт” агентлиги раҳбарияти томонидан  юқоридаги фармон ва қарорларнинг ижроси юзасидан  тадбиркорлик субъектларига бир мунча қулайликларни яратиш мақсадида “Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиботи тўғрисидаги Низом”ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Мазкур низомга асосан корхоналарда жорий этилган сифат менежменти тизимларини мувофиқлигини тасдиқлаш юзасидан расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатларининг амал қилиш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилди.

Матбуот анжумани якунида агентлик ходимлари журналистларнинг  мавзулар юзасидан берилган саволларига жавоб бердилар.

Ахборот хизмати