Маълумки юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларига жаҳон бозорларида талаб кун сайин ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, меҳнаткаш деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган мевалар ўзининг ширин таъми ва фойдали витаминларга бойлиги билан ажралиб туради.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ва бу йўналишларда халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда уни жорий этиш орқали жаҳон бозорларига ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориш долзарб масалага айланди.
«Ўзстандарт агентлиги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жаҳон бозорларига кириш имкониятларини топиш ва бу борадаги муаммоларни ечиш мақсадида кўпгина учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этиб келмоқда.
Жорий йилнинг 11-13 сентябр кунлари бўлиб ўтаётган "Мева-сабзавот ва ёнғоқларда барқарор савдони таъминлаш учун сифат кафолати" мавзусидаги минтақавий семинарда «Ўзстандарт» агентлигининг бир гуруҳ ходимлари иштирок этдилар. Семинарнинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатларида устувор қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантириш учун халқаро сифат стандартлари ролини муҳокама қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Семинарда Марказий Осиё мамлакатларидан давлат идоралари ва бизнес ассоциациялари, мева-сабзавот ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЭИК, Германия, Швеция, Италия, Нидерландия ва Туркия давлатларининг халқаро экспертлари иштирок этмоқдалар.
Семинар иштирокчилари боғдорчилик маҳсулотлари ва ёнғоқларни халқаро савдосида асосий тенденциялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли таъминлаш ва барқарор савдода халқаро стандартларнинг ўрни билан танишмоқдалар.
Энг асосийси, улгуржи ва чакана мижозлар томонидан тақдим этилган мева ва сабзавот маҳсулотларининг сифат талабларига, шунингдек, савдо стандартларига мувофиқ маҳсулотнинг халқаро бозорларга чиқишига ва чакана савдо тармоқларига чиқишига ёрдам беради.
Шунингдек, семинар иши доирасида, халқаро экспертлар томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро стандартлар билан мувофиқлиги учун сифат назорати ва текшириш усуллари билан таништириш учун назарий ва амалий машғулотлар ҳам ташкил этилади.
Ахборот хизмати