Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қадоқлаш, тамғалаш, сақлаш, реализация қилиш ҳамда утилизация қилиш Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августдаги «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.
Истеъмолчи ўзи ҳарид қилаётган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни ушбу маҳсулотнинг тамғасидан (маркировка) олади. Шунинг учун ушбу қонунда озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш ва тамғалашга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур қонуннинг 12-моддасида: Озиқ-овқатлар ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар уларни қадоқланган, ўралган (барча муомала босқичларида сифати ва озиқлик қиммати сақланиб қолишини таъминлайдиган) ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тамғаланган ҳолда чиқаришлари шарт эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, қадоқланган ва ўралган озиқ-овқатлар, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари ёриқларга (суқма варақаларга) эга бўлиши, уларда қуйидаги ахборотлар кўрсатилиши керак:
- озиқ-овқатнинг номи;
- озиқ-овқатни нимага мўлжалланганлиги (болаларга махсус мўлжалланган маҳсулотлар ва парҳез таомлар учун);
- тайёрловчининг номи;
- товар белгиси (белгига эга ташкилотлар учун);
- озиқ-овқат таркибига кирган нарсалар, шу жумладан озиқ-овқат қўшимчаларининг номи;
- озиқлик қиммати, нави;
- сақлаш шарт-шароитлари;
- тайёрланган санаси, яроқлилик муддати;
- тайёрлаш усули (масаллиқлар ҳамда махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);
- оғирлиги;
- фойдаланиш усули (биологик фаол қўшимчалар: озиқ-овқат қўшимчалари, махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);
- мувофиқлик белгиси (маҳсулотини мувофиқлик белгиси билан тамғалаш ҳуқуқини берадиган лицензияси бор корхоналар учун);
- норматив ёки техникавий ҳужжатларнинг номерлари.
Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан 2017 йил 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида»ги 490-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан UzTR.490-022:2017 сонли «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги» умумий техник регламенти қабул қилинди ҳамда бу техник регламент жорий йилнинг 12 июль куни амалга киритилди.
Мазкур техник регламентда қуйидаги тушунчалар келтириб ўтилган:
- тамға — истеъмол ўрамига, транспорт ўрамига, суқма вараққа, этикеткага ёки ёрлиққа тушириладиган ёзувлар, расмлар, белгилар, рамзлар, бошқа белгилар ва (ёки) уларнинг комбинациялари тарзидаги озиқ-овқат маҳсулоти тўғрисидаги маълумот;
- этикетка — тамға босиладиган ва истеъмол ўрамига ва (ёки) транспорт ўрамига, шу жумладан елимлаш йўли билан маҳкамланадиган ахборот манбаи;
- ёрлиқ — ўрамга маҳкамланадиган тамғалашни тушириш учун мўлжалланган ахборот манбаи.
- озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати — тамғалашда қайд қилинган вақт даври, ушбу вақт мобайнида озиқ-овқат маҳсулоти техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланган унга қўйиладиган хавфсизлик талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши, шунингдек тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан белгиланган сақлаш шартларига риоя қилинганда ўз истеъмол хоссаларини сақлаб қолиши керак ва ушбу муддат тамом бўлгандан кейин озиқ-овқат маҳсулоти сотилмаслиги ва белгиланган мақсадда фойдаланилмаслиги керак.
Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлигига бўлган талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июлдаги 474-сонли қарори асосида «Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентида (UzTR.474-020:2017), шунингдек маҳсулотларнинг меъёрий ҳужжатларида белгилаб берилган.
Ушбу техник регламент асосида кефир маҳсулотининг тамғаланишини кўриб чиқамиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда кефир O’zDSt 1086:2011 стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Бу стандартнинг 4.4 бандида кефир маҳсулотини тамғалашга талаблар берилган. Бунда, маҳсулот солинган ҳар бир идиш бўёқ ҳиди келмайдиган, бузилиб кетмайдиган тамға билан тамғаланиши керак ҳамда қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:
- ишлаб чиқарувчининг номи, мулкчилик шакли, манзили, телефон рақамлари;
- ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (агар мавжуд бўлса);
- маҳсулот номи; Маҳсулот номи: маҳсулотнинг ҳом ашёси, нима учун ишлатилиши, таркиби, алоҳида ҳусусиятлари асосида шакллантирилади ҳамда кўрсатилган барча маълумот қатъий тўғри бўлиши шарт. Масалан, Ёғсизлантирилган кефир.
- ёғнинг масса улуши; Масалан, ёғсизлантирилган кефирда ёғ масса улуши 0,1%.
- идишдаги маҳсулот массаси (ҳажми), g, cm3.
- 100 g маҳсулотнинг энергетик қиймати тўғрисида маълумот;
- маҳсулотнинг таркиби (асосий таркиби ҳамда қўшимчалар, ароматизатор, краситель, биодобавка ва ш.к.);
- маҳсулотни сақлаш шароитлари ва муддати (йил, ой, кун); Масалан, кефир учун, (4±2)°С ва 70%дан кам намликда 72 соат.
- ишлаб чиқариш санаси (йил, ой, кун);
- O’zDSt 1086:2011 стандарти ёзилган бўлиши шарт;
- O’zDSt 5.8 стандарти асосида мувофиқлик белгиси бўлиши шарт; Изоҳ: «мувофиқлик белгиси» — муайян маҳсулот ёхуд хизмат аниқ стандартга ёки бошқа норматив ҳужжатга мос эканлигини кўрсатиш учун маҳсулотга ёхуд кўрсатилган хизматга доир ҳужжатга қўйиладиган, белгиланган тартибда рўйхатга олинган белги. Шунингдек, маҳсулот ёрлиғида мувофиқлик белгиси мавжуд бўлганда ушбу маҳсулот сертификатланганлигини англатади.
- қайд этилган рақами кўрсатилган ҳолда штрих-код; Изоҳ, Ўзбекистон Республикаси штрихли кодлаш тизими EAN халқаро товар рақамлаш тизими доирасида ишлаб чиқилган ва фаолият юритади, миллий ва халқаро кодлаш тизимининг мос келишини ҳамда ахборот алмашиш учун ягона тилни таъминлайди. EAN штрихли кодларидан фойдаланиш устидан назорат GS1 УЗБEКИСТАН (EAN УЗБEКИСТАН) ассоциацияси ва "Ўзстандарт" aгентлиги “Штрихли кодлаш маркази” ДК томонидан биргаликда амалга оширилади. GS 1 УЗБEКИСТАН (EAN УЗБEКИСТАН) (Белгия, Брюссел) Халқаро ассоциацияси томонидан мамлакатимизга 478 рақамли идентификацион код берилган.
EAN-13 штрих коди 13 та рақамдан иборат бўлиб, қуйидаги маънога эга.
Дастлабки 3 та рақам, яъни префикс миллий уюшманинг рақами ҳисобланади. Бу 3 та рақам, масалан, 478 префикси "GS1 Uzbe-kistan" уюшмасини англатади ва у "GS1" Халқаро Уюшмаси (EAN International, Бельгия) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳисобланади. Қабул қилинган таомилга кўра, ҳар бир давлатда "GS1" халқаро уюшмасининг фақат битта ваколатхонаси ёки бошқармаси мавжуд.
EAN-13 штрих кодининг батафсил тавсифига ўтсак:
- 478 0100147721
- дастлабки 3 та рақам "GS1 Uzbekistan" уюшмасига берилган префикc ҳисобланади;
- кейинги 6 та рақам корхонанинг рақамини англатади;
- кейинги 3 та рақам эса товар ва маҳсулотнинг рақамиҳисобланади;
- охирги 13-рақам эса назорат рақами деб аталади. Бу орқали "GS1 Uzbekistan" уюшмаси томонидан таъсис этилган штрих код назорат қилиб турилади.
Агар маҳсулот ички бозорда реализация қилинадиган бўлса «O’zbekistonda ishlab chiqarilgan», агар маҳсулот экспорт қилинадиган бўлса «Made in Uzbekistan» ёзуви туширилади.
Демак, маҳсулот тамғасидаги ҳар бир маълумот ортида бир қанча ахборотлар кўрсатиб ўтилган. Агар маҳсулот ҳарид қилиш олдидан маҳсулотнинг тамғасига алоҳида эътибор бериб ҳарид қилинса мақсадга мувофиқ бўлади.
Ахборот хизмати